Кириш сўзи

Тасаввур қилиб кўринг, тинчгина уйда ёқтирган филмингизни томоша қилиб ўтирганингизда бирдан, нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди ва «Сизни политсиядан безовта қиляпмиз, сизни устингиздан фирибгарлик қилганингиз ҳақида ариза тушди» деб айтишди. Сиз эса қачон нима қилганингизни билмайсиз. Нега бундай бўлди?

Яна бир мисол, виза муддатини янгилаш учун банк счёт қилишингиз керак. Табиийки танишингиздан вақтинчалик пул олиб турасиз. Банк ҳисобизга пул тушди ва бироз вақтдан кейин банкдан ҳисобингиз блокланди маъносида хабар келди. Нега бундай бўлди?

Янаям оддийроқ вазият, 당근 иловаси орқали бир буюмни олмоқчи бўлдингиз. Сотувчи сизга почта орқали жўнатиб беришга ваъда қилди ва ўтказма учун банк ҳисоб берди. Сиз тўловни ўтказиб бердингиз, лекин буюм сизга жўнатилмади. Энди нима қила оласиз?

Бугун мана шундай ўзи билмасдан муаммоли вазиятларга аралашиб қолиш ҳолатлари ҳақида ва оддий вазиятларда қандай қилиб «пул ювиш» жиноятига аралашиб қолиш мумкинлиги ҳақида гаплашамиз.

«Пул Ювиш» ўзи нима?

Қисқа таърифлаганда, бу ноқонуний йўллар билан топилган пул ёки мол-мулкка қонуний тус бериш, яъни унинг келиб чиқиш манбасини яшириб, расмий иқтисодиётга олиб ўтиш жараёни.

Бунда пул айнан «қора», яъни террористик, гиёҳванд моддалар ёки одам савдоси ва шунга ўхшаш халқаро ман этилган йўллар билан топилган бўлиши шарт эмас. Шунчаки «солиқдан қочилган» пулларни айлантириш ҳам пул ювишнинг бир кўриниши бўла олади. Мисол учун агар сиз Кореядан бирон маҳсулотни сотиб олсангиз ва декларация қилмасдан Ўзбекистонга олиб кириб сотсангиз, демак сиз давлат божларидан қочиб даромад қилаётган бўласиз. Бу жараённинг ўзи пул ювиш эмас, балки сотувдан олинган даромад қонун назарида жиноий фаолиятдан олинган даромад деб кўрилади. Энди мана шу пулларни солиқ тўланмайдиган йўллар орқали Кореяга қайтариб яна маҳсулот олишга ишлатаётган бўлсангиз, демак сиз пул ювишнинг бир тури билан шуғулланяпсиз. Нега? сабаби, Корея давлатида сиз қайта-қайта маҳсулот сотиб оляпсиз, демак бу сизни фаолиятингиз савдодан тушган пуллар айланмаси ҳисобига эканини билдиради. Лекин бу даромад савдодан тушаётгани ҳақида қонуний асос йўқ, яъни маҳсулотлар учун давлат божи ва солиқлари тўланмаган ва фаолият давлат рўйхатига олинмаган. Ўз ўрнида сиз ўзингиз бу ишни қилмасангиз ҳам, шунчаки мана шундай шахсга пулларини айлантиришда ёрдам бераётган бўлсангиз, пул ювишда шерик ҳисобланасиз. Эътиборли жиҳати шундаки, агар сиз бундай шахсни танимасангиз ҳам, ва пуллар кимдан эканини билмасдан туриб жараёнга аралашиб қолсангиз, барибир жавобгарликдан озод қилинмайсиз.

Хўш, ундай бўлса, шунчаки P2P орқали пул алмаштирса ҳам пул ювган бўладими? Йўқ, ундай эмас. Мисол учун сизни қўлингизда KRW бор, Ўзбекистонда танишингизни қўлида Сўм бор. У сизга сўм беради, сиз эса унга Вон берасиз. Бу жараённи «одатий пул олди-бердилари» деб ҳисоблаш мумкин ва бунга сиз тўла ҳақлисиз. Лекин эътиборли жиҳати бор. Сиз у инсонни қанчалик танийсиз ва у сизга бераётган пулларга қанчалик ишонасиз? Агар сизга тушадиган пул қандайдир сабаб билан «кузатув остида» бўлса, сиз ҳам бу жараёнда шерик деб топилиб саволга тутилишингиз мумкин. Лекин шунда ҳам агар пул сизга қандай келганини исботлай олсангиз, бу сиз учун ҳавфли бўлмаслиги мумкин. Мисол учун ўша инсон билан сухбатлар, келишувларни кўрсатиш орқали сиз бу пулни ҳақли олганингизни исботлаб ўзлаштиришингиз мумкин бўлади. Шундай экан, тўлиқ ишонмаган одам билан молиявий олди-бердиларда ҳам эҳтиёткорлик зиён қилмайди.

Кўп учрайдиган ҳолатлар

case_1

Криптовалюта савдоси

Энг кўп учрайдиган ва тўғридан-тўғри «пул ювиш» деб кўриладиган ҳолат бу ноқонуний криптовалюта савдоси билан шуғулланиш. Бунга USDT, USDC, BTC, ETH ва шу қатордаги барча stable ва non-stable коинларни савдо қилиш мисол бўлади. Нега бундай? сабаби, крипто активлар давлат назоратидан мустақил блокчейн платформасида сақланади ва тартибга солинмаган ҳолатда кимнинг ҳисобидан савдо бўлаётганини аниқлаш имконсиз. Шундай экан, шубҳали ҳолатлар бирдан ноқонуний деб ҳисобланади. Корея алтернатив сифатида крипто савдосини тўлиқ қонунийлаштирган ва давлат рўйхатидан ўтган лицензияга эга миллий биржалар орқали ҳеч қанақа қўшимча солиқ ва тўловларсиз бемалол савдо қилиш мумкин. Лекин бу имконият фақатгина корейс миллати ва фуқаролигига эга шахслар учунгина чекланган. Чет элликлар эса қонун доирасида крипто савдо билан шуғулланиш имконига эга эмас. Шу сабабли ҳам охирги йилларда чет элликлар орасида «пул ювиш» билан айбланганлар сони кескин кўтарилди.

KuCoin. Бу биржа жудаям кўплаб инсонларни банк ҳисоби блокланишига ёки жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган. Нега? шунчаки KRW га асосланган P2P маркет таклиф қилгани учун. Кореяда крипто савдо учун P2P маркетлар ноқонуний ҳамда KuCoin ҳам бу фаолиятни лицензиясиз юритади. Демак бундан фойдаланганлар ҳам ноқонуний даромад қилаётган ҳисобланади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, KuCoin биржанинг ўзи мижозларни алдамайди, шунчаки шундай инсонлар учун платформа таклиф қилади.

Мисол келтирамиз, сизда 1000USDT бор, ва уни KRW га алмаштирмоқчисиз. KuCoin P2P бўлимида сиз осонгина USDT сотиб олмоқчи бўлганларни топа оласиз, курс ҳам банкдан анча юқори, бу албатта ўзига жалб қилади. Сиз савдо яратдингиз ва чат орқали банк ҳисобизни юбордиз. Бироздан кейин пул тушди ва сизга чек ҳам юборилди. Буни қабул қилгандан кейин сиз USDT ни ўтказиб бердингиз ва савдо ёпилди. Бир қарашда ҳаммаси оддий, содда ва идеал. Лекин ҳаммаси сизни ҳисобизга пул тушганидан кейин бошланади ва қуйидаги уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

  1. Нормал транзакция. P2P даги ҳамма ҳам scam эмас, ўзингизга ўхшаган ҳаққоний савдогарлар ҳам бор ва улар билан ишлашда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Банк операцияси шунчаки нормал қабул қилинади, USDT савдосини эса ҳеч ким кузата олмайди.
  2. Банк ҳисобингиз блокланади. Агар сизга пул ўтказган шахс кузатувда бўлса, ёки ўша пул қандайдир фирибгарлик юзасидан шикоят қилинган бўлса, банк ўйлаб ўтирмасдан ҳисобингизни блоклайди ва уни очиш учун сиздан ўтказма учун исбот талаб қилади. Яъни сиз бу пулни фирибгарлик билан эмас, балки қонуний ёки мантиқий йўл билан олганингизни ва сизга тегишли эканини исботловчи ҳужжат топширишингиз керак. Бунда сизда иккита муаммо бор: биринчиси, исботлаш учун сиз ноқонуний бозорда USDT савдоси қилганингизни тан олишингиз керак, иккинчиси, сизга пул туширган шахс айнан сиз USDT сотган одам эканини ҳам аниқ билмайсиз.
  3. Политсиядан қўнғироқ бўлади. Сизга кутилмаганда политсия қўнғироқ қилиб, «мана шу шахсга нисбатан фирибгарлик қилибсиз» деб айтади. Сиз ҳеч нарсани тушинмайсиз. Сабаби ҳеч қанақа фирибгарлик қилмадиз. Сиз ўйлайсиз, USDT олган одам мени устимдан шикоят қилибди. Йўқ, ундай эмас, USDT олган одам сизни алдаб кетди ва уни кимлигини ҳам қаерда эканини ҳам била олмайсиз. Политсияга шикоят қилган шахс эса, сиз билмаган, олди-сотди жараёнида аралашган учинчи шахс, худди сизга ўхшаб алданиб қолган бир бечора.

Аслида нима бўлган эди? Сиз USDT сотиш учун савдо яратган вақтингизда, P2P платформада сотиб олаётган «scammer» бир вақтнинг ўзида бошқа қандайдир платформада яна бир савдо очади. Суммаси сизга мос келадиган миқдорда бирон товарни сотиш учун савдо яратиб, сотиб олувчига сиздан олган банк ҳисобни беради. Учинчи шахс товар сотиб оляпман деган хаёлда сизга пул ўтказади, сиз пулни қабул қилиб, ўртадаги scammerга USDT ўтказасиз. Қарабсизки, ёнидан 1 тийин ҳам сарфламасдан 1000USDT қўлга киритди. Энди, шунчаки «қуён» бўлади ва кимлигини ҳам қаерда эканини ҳам ҳеч ким билмайди. Товар сотиб олган одам эса ноилож политсияга репорт беради ва сизни ҳисобингизга пул ўтказганини кўрсатади, шундай қилиб, алдаган алдаб кетди, лекин тўлови сизни бошингизга тушади. Сўрашингиз мумкин, қандай қилиб бунчалик қисқа муддатда бошқа савдо яратиб, сотиб олувчи ҳам топиши мумкин? Буни ҳам йўллари кўп. Масалан сиз 1.3млн KRW лик савдо очган бўлсангиз, scammer нархи бундан анча қиммат бўлган товарни, масалан янги iPhone ни арзон нархда сотишга эълон бериши мумкин. Пул зарурлиги учун фақат ҳозир ўтказиб берса шу нархга беришини ва телефонни почта қилишини сўраши мумкин. Ёки доимо шунга ўхшаш эълонларни актив ушлаб, пул ўтказадиган одамларни «тайёр» сақлаб туриши мумкин. Қандай қилиб бўлса ҳам, бу ишни амаллайдиган scammerлар бор ва эҳтиёт бўлишимиз талаб этилади.


P2P ноқонуний бўлса, лицензияланган биржалар чет элликларга ёпиқ бўлса, унда қандай қилиб USDT ни вонга алмаштириш мумкин? Излаган имкон топар деганидек, бу учун ҳам ҳавфсиз йўллари мавжуд.

  1. Ўз давлатингиздаги биржалардан фойдаланинг. Худди Корея каби бошқа давлатлар ҳам ўз ҳудудида крипто савдони ўз фуқаролари учун қонунийлаштирган йўлларини таклиф қилади. Мисол учун Ўзбекистонда Binance, Asterium каби биржалар мавжуд. Курс пастроқ ва тўловлари кўпроқ, лекин муҳими ҳавфсиз. Бошқача таъбир билан айтганда, «Солиқ тўлаш жарима тўлашдан яхшироқ»
  2. Ўзингизни ишончли доирангизда P2P савдо қилинг. Яқин дўстингиз ёки ишончли воситачи орқали ишлаш орқали сиз таваккални анчагина камайтиришингиз мумкин. Лекин бу тўлиқлигича ҳавфсиз дегани эмас. Ишонч билдираётган одамингиз ким экани муҳим.

case_2

Шахсий маълумотларни ўзлаштириш

«Банк аккаунтиздан пул ечиб берсангиз, кунига 100минг вондан бераман» — бундай таклиф кимга ёқмайди дейсиз? Банк аккаунт шундоқ ҳам бекор ётибди, шунчаки ATM дан пул ечиб бериш орқали кунига 100минг вондан пул топилса, ойига 3млн бўлар экан. Ким ҳам йўқ дея олади бундай таклифга? Лекин унутманг, бу тузоқ! таклиф қанчалик ўзига жалб этмасин, бундан узоқлашинг ва ўзингизни муаммолардан сақлаб қолинг.

Иш эълонлари гуруҳларида шунга ўхшаш «таклиф»лар анчагина оммалашишга улгурди ва буни ортида кўпчилик депортация бўлишга ҳам улгурди. Хўш, бунда сиз қандай қилиб пул ювишга аралашиб қоласиз? жудаям оддий – ўзи ҳисобингиздан пулларни ювиб берасиз. Бундай кўринишдаги алдовлар ҳар хил босқичларда бўлиши мумкин:

  1. Сиздан фақат ҳисоб рақам сўралади, ўзингиз нақд қилиб берасиз. Бу энг оддий кўриниши ва одатда фақат ишонч доирасида амалга оширилади. Кўп ҳолларда муаммо ҳам бўлмайди. Чунки сиз шунчаки танишингиз учун яхшилик қилиб пулларини нақд қилиб беряпсиз. Лекин бир нарсани ҳисобга олинг. Агар сизга туширилган пул «ювилаётган» бўлса, сизга танишингиз ёрдам бера олмайди. Сизни ҳисобингиз – сизни муаммонгиз.
  2. Сиздан банк картангизни ва паролларингизни беришингиз сўралади. Буниси энди анча жиддий ва энди банк ҳисобингиз ўз назоратингизда эмас. Ҳавфли тарафи шундаки, агар сиз у шахс билан яқиндан таниш бўлмасангиз ва паролларингизни даромад мақсадида берган бўлсангиз, унда у одамга сизни келажагиз қизиқ эмас ва ҳисобингиз блоклангунча хоҳлаганча фойдаланиши мумкин. Муаммо бўлса, «банк картамни бериб тургандим» деган гапингизни ҳеч ким эшитмайди. Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилиш сизни ўзингизни масъулиятингиз.
  3. Сиздан номингиздан халқаро ўтказмалар қилиш сўралади. Бунда пул доимий айланиб туради: Кореяга одатда крипто кўринишда келади, банк аккаунтдан чет элга жўнатилади, яна крипто сотиб олиниб Кореяга қайтади ва қайта-қайта айланаверади. Бу жараён токи юқорида гаплашилган муаммолардан бирига тушмагунча давом этаверади. Хуллас, йўллар яна ўша ноқонуний крипто савдосига етаклаяпти ва сиз унинг қурбонига айланяпсиз.

Бу билан Кореяда ҳеч кимга ишонманг дейиш фикридан йироқман. Шунчаки кимга ишонч билдираётганингизни ва қанчалик таваккал қилаётганингизни яхши тушуниб кейин қарор қилишингиз ҳақида огоҳлантирмоқчиман. Банк аккаунт ва трансферларга алоқадор маълумотларни сиздан бошқа ҳеч ким билишга ҳақли эмас, шунинг учун кимдир буларни сўраса, демак биринчи гумонингиз ишончсизлик бўлсин. Билмасдан муаммога кириб қолиш сизни жавобгарликдан озод қилмайди.

case_3

Банкдан катта миқдорда ўтказмалар

Виза янгилаш учун 1 кунлик банк счёт қилиб кўрганмисиз? Ёки бирон яқин танишиз банк счёт қилганда пул бериб турганмисиз? Аслида оддий ва муаммосиз бўлган бу вазиятда аслида қанчалик таваккал қилаётганингизни биласизми?

Авваламбор танишга қарз бериб туриш ёки қарз олиб туриш бу жудаям оддий ҳолат ва бунинг учун ҳеч ким айбдор ҳисобланмайди. Лекин айнан банк счёт тайёрлаш масаласи оддий қарз олди-бердиларидан бироз чуқурроқ:

  • Агар сиз қарз олаётган бўлсангиз, кимдан пул сўраётганингизни ва пул қаердан тушаётганига эътибор қилинг. Сизга бир танишингиз банк счёт қилиб беришга ваъда қилди, фақат шарт қўйди – пулни нақд кўринишда қайтарасиз. Балки ҳавфсиздир, лекин шубҳали. Сиздан нақд кўринишда сўраяптими, демак пул катта эҳтимол билан ўз ҳисобидан эмас, балки бошқа учинчи шахс ҳисобидан ўтказиляпти. Пулни ўзига эмас, балки сизга тушириб нақд қилмоқчими, демак бу ерда бир гап бор. Шунчаки эҳтиёт бўлиб бундай вазиятлардан узоқроқ бўлган яхши. Банк счёт қилиш учун бегона одамдан пул тушириб пул ювишга аралашиб қолган ҳолатлар анчагина. Сабаби бир кунлик банк счёт тайёрлаши керак бўлганлар пул ювувчилар учун «идеал ўлжа». Сабаби сизга 1 кунга пул керак, уларга эса «тоза аккаунт» керак. Вазиятни тушундингиз деб умид қиламан.
  • Агар сиз қарз бераётган бўлсангиз, бунда икки баробар эҳтиёт бўлинг. Авваламбор, танишингиз яна кимлардан пул олгани ва жами қанча пул йиғаётганини суриштиринг. Сиз бир ўзингиз катта сумма бермаётган бўлишингиз мумкин, лекин катта сумма йиғилишига ҳисса қўшяпсиз. Агар шу сумма орасида шубҳали транзакция аниқланса, банк ўша ҳисобни тўлиқ блоклайди ва орасида сизни пулингиз ҳам қайтарилмай қолиб кетиши мумкин. «Банк счёт қилишга танишимга бериб тургандим, счёти блокланиб қолибди, қайтара олмаяпти» деган ҳолатлар кўпчиликка таниш бўлса керак. Шундай экан, доимо эътиборли бўлинг.

Банк счёт тайёрлаш ҳақида гап кетганда риск айнан «ювилаётган» пулда эмас. Сизга туширилаётган пул тўлиқлигича тоза бўлиши мумкин ва банк шунда ҳам блоклаб қўйиш ҳолатлари бор. Бунда муаммо пулда эмас, балки аккаунтда! Қандай қилиб? Тасаввур қилинг, сиз аккаунтингизни кундалик ҳаётда деярли ишлатмайсиз. Ишлатсангиз ҳам жуда кичик суммаларда харажат қиласиз ва кичик миқдорда пул сақлайсиз. 1 йил давомида ҳисобингизда энг кўпи билан 200минг вон пул турган ва бирдан 20млн вон туширдингиз. Банк бунақа ҳолатда шубҳаланиши табиий ва сиз бу пулни тўғри йўл билан қўлга киритганингизни исботламагунча музлатиб қўйиш ҳуқуқига эга. Бу вазият пул ювиш билан гумонланганлик даражасида жиддий эмас. Сабаби сизда пул туширган одам билан алоқа бор ва бу пулни қарзга олганингизни исботлай оласиз. Фақатгина нима мақсадда бунақа катта сумма қарз олганингизни кўрсатиб бера олсангиз бўлди.

case_4

Халқаро P2P ўтказмалар

Банк орқали чет элдан пул олиб келиш қимматга тушиши ҳеч кимга сир эмас. Биринчидан курс анча паст, иккинчидан, ўтказма учун тўловлар. Энг қулай вариант албатта P2P ўтказмалари. Бунда чет элдаги оила аъзоларингиз ёки танишингиз ўша жойдаги воситачига пулни етказиб беради, Кореяда эса сизга вонда аккаунтизга тушириб беришади. Бунда нима риск бўлиши мумкин? Яна юқоридаги вазият бошқачароқ кўринишда — сизга кимдан ва қандай пул тушаётганини ҳисобингизга келиб тушмасдан олдин била олмайсиз.

Бундай вазиятда нима қилса бўлади? Агар P2P орқали ишлашга мажбур бўлсангиз, фақатгина нақд пул олинг. Ёки фақатгина ўзингиз ишонган шахслар билан ишланг. Шунчаки бегона одамлар бегона пуллар туширишига йўл қўйманг.