Кириш сўзи

«Визамни янгилаш учун мендан банк счётда кўрсатилган пул оила аъзоларимдан келганлиги ҳақида исбот бўлувчи ҳужжат талаб қилинди. Лекин мен Кореянинг ўзида танишларимдан қарз олиб 1 кунлик банк счёт тайёрлаган эдим. Энди қандай қилиб исбот кўрсатсам бўлади?» — бу D-2 виза янгилашда доим такрорланиб турадиган муаммоли вазиятлардан бири.

Бу мақолада касални даволаш эмас, унинг олдини олиш ҳақида гаплашамиз. Яъни юқоридаги вазиятга тушмаслик учун ҳозирдан бошлаб қандай тайёргарлик кўришингиз мумкинлиги ҳақида. Қандай қилиб банк счёт ёки спонсор масаласида ортиқча савол қолдирмаслик мумкин? Нега 1 кунлик банк счёт тайёрлашнинг ўзи ечим эмас? Банк счёт сўралмаслиги учун нималар қилиш керак? Пост охиригача шу саволларнинг барчасига жавоб топасиз. D-2 визада бўлсангиз ва харажатлар учун қонуний киримингиз бўлмаса, демак бу тавсиялар сиз учун фойдали.

Юқоридаги вазият, агар сиз ҳам шундай вазиятга тушган бўлсангиз, банк счёт тайёрлаганда пул кимнинг ёки кимларнинг номидан тушганлигига қараб ҳар ким учун ҳар хил тўғри йўл бўлиши мумкин. Умумий ҳолатда, киримларингиз ишончли ҳомий номидан эканини исботловчи ҳужжат ва тушунтириш хати тайёрлаш орқали масалани ҳал қилиш мумкин.

Умумий маълумотлар

Банк счётни кимлар тайёрлайди?

Бу ҳамма учун мажбурий эмас. Қоидага кўра C-level ва ундан юқори талабалар (CGPA 2.0 дан баланд) озод қилинади. Лекин бу ҳамма учун ҳам бир хил амал қилавермайди. Иммиграция ходими вазиятдан келиб чиқиб ҳар кимдан баҳоларидан қатъий назар банк баланс ва охирги 6 ойлик кирди-чиқди ҳисоботларини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Янаям очиқроқ айтсак, қуйидаги факторлар сиздан банк счёт талаб қилинишига сабаб бўлиши мумкин:

  • Қайси давлат фуқароси эканлигингиз ва сизнинг ватандошларингиз Корея иммиграцияси олдида қанақа статусга эга эканлиги
  • Қайси ўқишда қандай дастурда ўқиётганингиз
  • Бир семестр учун нечта фан олаётганингиз
  • Ўқиётган фанларингиз ҳафта кунларига қандай тақсимлангани

Умумлаштириб айтсак, ҳужжатларингизни кўриб чиққанда ходимда сиз ўқишдан бўш вақтларингизни қандай ўтказаётганингиз ҳақида шубҳа уйғотувчи барча факторлар аҳамият касб этади. Сиз шунчаки ойнага қараб ўзингизни иммиграция ходими деб тасаввур қилинг ва юқоридаги мезонлар бўйича ўзингизни баҳоланг. Агар банк счёт тайёрлашим керак экан деган хулосага келсангиз, тавсияларимизни албатта инобатга олинг.

Бир кунлик банк счёт ҳақида

Қисқа қилиб айтаман, агар «охирида битта банк счёт қилиб топширавераман» деб ўйласангиз, хато йўлдасиз! Бундай фикрлашдан воз кечинг.

Иммиграция ходими учун кеча ёки 1 ҳафта олдин ҳисобизда 10 ёки 20 млн пул бўлгани қизиқ эмас. Ана шу пулни қаердан олганиз ва ростдан ҳам кейинги 1 йил давомида ўз харажатларизга ишлатишингиз қизиқ. Лекин ходим келаси 1 йил давомида ҳар ой ҳисобизни текшириб тура олмайди. Келажакни текшира олмас экан, демак ягона йўли банк тарихидан хулоса қилиш. Агар сиз охирги 6 ой ёки 1 йил давомида ростдан ҳам оилангиздан пул олиб ишлатиб юрган бўлсангиз, катта эҳтимол билан кейинги 1 йилда ҳам шундай қилишда давом этасиз, мана шу ҳақиқий исбот. Демак, 1 кунлик банк счёт сизга ёрдам бермайди, балки охирги 1 йиллик банк тарихи қандай бўлгани муҳим. Демак банк счёт учун тайёргарлик 1 ҳафта олдин эмас, 1 йил олдин бошланади!

Юқорида айтилганидек, банк счёт тайёрлаш мажбурий эмас. Агар баҳоларингиз минимум талабдан юқори бўлса, шунчаки банк счёт тайёрламасдан бораверса бўлади. Лекин сиз доимо «мабодо сўраб қолсачи?» деган вазиятга тайёр бўлишингиз муҳим. Агар сиз банк ҳисоботизни «чиройли» сақлаб юрсангиз, банк счёт масаласи сизни ўйлантирмайди. Агар сўраб қолса, шунчаки сўраганидан кейин тайёрлаб бераверасиз, агар банк тарихини ҳам сўраб қолса, уни ҳам чиқариб бераверасиз, агар пул қаердан келганини сўраб қолса, уни ҳам тайёрлаб бераверасиз. Қисқа қилиб, энг ёмон ҳолатга тайёр бўлсангиз, мабодо деган сўз сизни ўйлантирмайди.

Чиройли банк ҳисоби

Талаба учун чиройли банк ҳисоби бу – бир ойда битта катта кирим ва кундалик майда харажатлар. Кирим ҳар ойда бўлиши ҳам шарт эмас. Балки ҳар ҳафтада, балки 6 ойда, муҳими эса шу кирим қаердан келаётгани. Ҳар кимнинг вазиятига қараб ҳар хил бўлиши мумкин, лекин ҳамма ҳам яшаш учун харажат қилади ва бу пулни қаердандир олади. Агар сизда:

  • қонуний исботлай оладиган шахсий даромадларингиз бўлса
  • Кореяда қонуний даромад қилувчи оила аъзоларингиз бўлса
  • сизга учинчи шахс спонсор томонидан харажатларингиз тўланса
  • қандайдир стипендияларга эга бўлсангиз

ва бошқа қонун доираси ичида харажатларингиз тўланаётганини исботлай оладиган имконингиз бўлса, демак сизга бу муаммо эмас. Шунчаки ўша «кирим» кимдан ёки қаердан эканини кўрсатиб берасиз ва бўлди – сиздан ортиқча савол сўралмайди.

Қонуний кирим бўлмасачи? Бунда сиз мантиқий киримларга таянасиз. Бунда энг осон йўллардан бири, ҳар сафар қўлингизга пул тушганида ATM орқали банк картангизга нақд пул депозит қилиш ва ўша пулдан ойлик харажатларингизга ишлатиш. Сиздан банк тарихи сўралганда: нақд пул депозитлар ва майда харажатлар. Охирги 1 йил фақат нақд депозит қилинган бўлса, албатта шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу танимаган одамдан тушган пулни исботлаш учун ўша одам сизга ким бўлишини исботлашга уринишдан анча осон. Нақд пул жуда кўп йўллар билан келган бўлиши мумкин ва бунинг асосини исботлаш тўлиқлигича ўз қўлингизда. Лекин алдашга уринманг! Сиз узоқ йиллик тажрибага эга «психолог» даражасидаги ходим олдидасиз. Сизнинг мақсадингиз ходим савол бермайдиган ҳужжат тайёрлаш ва шубҳа уйғотмаслик. Саволлар пайдо бўлса, имкон қадар ҳақиқат доирасида жавоб беринг, қўшимча ҳужжатлар сўралса, асосли исботлар кўрсатинг.

Тажриба. D-2 визани фақат 6 ойлик банк тарихини кўрсатиш ҳисобига банк счёт тайёрламасдан янгилаган ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганман ва тажрибамда ҳам синаб кўрганман. Агар сиз охирги 6 ой давомида ойма-ой ишонарли «source» дан пул олаётганингизни кўрсата олсангиз, ходим учун бугунги кунда қанча пулингиз борлиги қизиқ эмас. Балки ҳозир банк ҳисобизда етарли пул йўқдир, лекин келаси ой учун тасдиқланган киримингиз борлигига етарли асос бор. Бу нарса кўз кўришига тайёрланган 1 кунлик банк счётдан яхшироқ ҳисобланади.