Менинг ҳикоям
2025 йил сентябрь ойида Сеул миллий университетида PhD ўқиш учун Кореяга келдим. Ўқишим full scholarship асосида, ойлик стипендиям ҳам бор. SNUдаги лабда тадқиқотлар ҳам олиб бораман. Кореяга келганимда аёлим ва икки нафар фарзандим Ўзбекистонда қолишига тўғри келди. Оиламни Кореяга олиб келиш учун 6 ой кутишим керак эди ва шу вақт давомида F-3 виза учун тайёргарлик кўрдим. 6 ой ўтгандан кейин ҳужжатларни топширдик ва аёлим ҳамда икки фарзандим учаласи ҳам биринчи уринишда F-3 виза олди. Шу жараёнда менга бошқаларнинг тажрибаси жуда кўп ёрдам берди, шунинг учун ўзим қилган тайёргарликни ҳам ёзиб қолдиришга қарор қилдим.
Умуман олганда, PhD талаба, full scholarship ва ойлик стипендияси бор одам учун оиласига виза олиш унчалик муаммо бўлмаса керак деб ўйлаш мумкин. Лекин атрофимда мендан ҳам яхши молиявий имкониятга эга бўлиб, оиласига виза ололмаганлар бор эди. Шунинг учун фақат PhD талаба эканим ёки стипендиям борлигига ишониб қолмасдан, Кореяга келганимдан бошлаб 6 ой давомида ҳужжатларимни ва оилам келиши учун керакли шароитларни тайёрлаб бордим.
Тайёргарлик
Бунда менга энг кўп ёрдам берган нарса бошқаларнинг тажрибаси бўлди. F-3 визага олдин топширганлар, айниқса рад жавоби олганлар билан гаплашдим. Қандай ҳужжатлар топширган, нима сабабдан рад бўлган деб ўйлайди, қайта топширганда нимани ўзгартирган — имкон қадар сўраб-суриштирдим. Кейин ўзимнинг вазиятимдан келиб чиқиб тайёргарликни бошладим.
Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак. Ўзбекистондан визага ҳужжат топшираётган бўлсангиз, виза агентлигингиздан айнан сизнинг ҳолатингизга мос йўлни чизиб беришини сўранг. Умумий «мана шу ҳужжатлар керак» деган жавоб билан чекланмасдан, вазиятингизни батафсил тушунтириб, нималарни тайёрлаш кераклигини имкон қадар аниқ сўранг. Мен гаплашган виза ололмаган ватандошларимизнинг айримларида агентлик томонидан ҳужжатларга бироз енгил қаралган ҳолатлар ҳам учради. Аксинча, агентлик керакли ҳужжатларни айтган бўлса ҳам, уларни етарлича пухта тайёрламаган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Шунинг учун бу жараёнда ҳамма масъулиятни агентликка ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас.
Мен F-3 визага тайёрланаётганда бир нарсани асосий деб олдим: Тошкентдаги Корея элчихонаси сизни деярли фақат ҳужжатларингиз орқали баҳолайди. Агар суҳбат бўлганида, балки вазиятингизни ўзингиз тушунтириб, гапларингиз қанчалик самимий эканини кўрсата олардингиз. Суҳбат бўлмаганда эса шу гапларнинг ҳаммасини қоғоз орқали айтишингиз керак. Яъни ҳужжатларингиз сизнинг ўрнингизга гапиради. Менимча, F-3 атрофидаги асосий масала ҳам иккита саволга бориб тақалади: оилангизни Кореяда моддий таъминлай олишингизга элчихонани ишонтира оласизми ва белгиланган муддат тугагандан кейин Кореяни тарк этишингизга ишонтира оласизми? Мен ҳужжатларимни асосан шу икки саволга жавоб берадиган қилиб тайёрлашга ҳаракат қилдим.
1-савол: моддий таъминот
Энг кўп эътибор берган нарсаларимдан бири банк ҳисоби бўлди. Биринчи ойдан бошлаб ойлик стипендиямни имкон қадар сарфламасдан йиғдим. Ўзбекистондан ҳам ҳар ой банк орқали кичик суммаларда пул юбориб турилди ва харажатларимни имкон қадар камайтирдим. Визага топширишдан бир ой олдин етмаган қисмига дўстларимдан бир ой муддатга қарз олдим (агар шу постни ўқиётган бўлсангиз, ёрдамингиз учун яна бир бор раҳмат 😄). Натижада Кореядаги ҳисобимда 40 миллион KRW атрофида пул тайёр бўлди.
Бу ерда фақат ҳисобдаги сумма эмас, охирги 6 ойлик банк тарихимни ҳам тайёрладим. Ҳисобимдаги пул 6 ой давомида аста-секин кўпайиб борган, тушган пулларнинг манбаси ҳам кўриниб турарди. Визага топширишдан бир ой олдин ҳам ҳисобимда шу суммага яқин пул бор эди. Банк маълумотномасини олгандан кейин ҳам виза натижаси чиққунча пулни ҳисобда ушлаб турдим.
Ўзбекистонда ҳам алоҳида молиявий ҳужжатлар тайёрладик. Аёлим номига KDB Bankда 20 минг АҚШ доллари қўйдик. Пулни визага топширишдан тахминан бир ой олдин қўйдик ва виза чиққандан кейин олдик. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўз номимда бўлган мол-мулклар ҳақида MyGov орқали расмий маълумотларни олиб, уларни ҳам ҳужжатларга қўшдим.
Яшаш жойини ҳам олдиндан тайёрладим. Оилам келишидан олдин SNU оилавий ётоқхонасига кўчиб ўтдим. Болалар учун алоҳида хона, алоҳида ётоқлар, китоблар, ошхона жиҳозлари ва кундалик ҳаёт учун керакли нарсаларни тайёрладим. Ётоқхонада оилавий яшаш учун шароит тайёр эканини кўрсатиш учун расмларни ва яшаш жойимни тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам топширдим.
2-савол: Ўзбекистонга қайтишга ишонтириш
Яна бир муҳим масала ўқиш тугагандан кейин Ўзбекистонга қайтишимни кўрсатиш эди. Бунинг учун Ўзбекистонда олдин ишлаган ташкилотимдан ўқишни тамомлаганимдан кейин қайтиб ишлаб беришим юзасидан тавсия хати олдим ва уни ҳам ҳужжатларга қўшдим.
Кореядан эса advisor профессоримдан қўшимча хат олдим. Унда унинг PhD талабаси эканим, унинг раҳбарлигида тадқиқот олиб боришим ва ўқиш давомида зарур вазиятларда менга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. Бу ҳам расмий талаб қилинадиган ҳужжатлардан бири эмас эди, лекин қўшимча сифатида топширдим.
Натижада аёлим ва икки нафар фарзандимга, жами учта оила аъзомга биринчи уринишдаёқ F-3 виза олдик.
Эслатма: юқорида ёзган ҳужжатларимнинг кўпи F-3 виза учун расмий талаб қилинадиган ҳужжатлар эмас. Уларни ўз вазиятимдан келиб чиқиб қўшимча тайёрлаганман. Шунинг учун бу постни «F-3 олиш учун айнан шуларни қилиш керак» деган қўлланма сифатида қабул қилмаслигингизни тавсия қиламан. Ҳар кимнинг вазияти ҳар хил. Балки менинг тажрибам сизга нима қилиш кераклигини кўрсатмас, лекин ҳеч бўлмаганда нима қилмаслик кераклиги ҳақида хулоса чиқаришга арзийди.
Сўнгги сўзлар
F-3 бўйича саволингиз бўлса ёки мен тайёрлаган ҳужжатлар ҳақида батафсил билмоқчи бўлсангиз, Telegram орқали @rashidtojiboyev га ёзишингиз мумкин.

Изоҳлар
Изоҳлар Telegram каналимиздан олинади. Муҳокамага қўшилиш учун Telegram орқали киринг.
Муҳокамани Telegram’да очиш