Воқеа

Бакалаврни энди тамомлаган вақтим. Инглиз тили факультетида ўқиганман, IELTS баллим жуда яхши. Кореяга магистратурага бориш учун ҳамма нарса етарли, шунчаки ҳужжат топширилса бўлгани. Аслида консалтинг ҳам шарт эмас, исталган ўқишга ўзим топширсам ҳам бемалол қабул қилинаман. Лекин ҳужжатларда хатолик бўлмасин деб консалтинг хизматидан фойдаландим.


Хизмат нархи: 500$

Тўғриси, афсусланиш ҳали ўқишга топширмасдан бошланди. Сабаби мен учун ҳужжат тайёрласин деб консалтинг ёлласам, улар менинг ўзимни югуртирди, ҳали таржима, ҳали motivation letter.

Шу даражада масъулиятсизлик билан ишладиларки, ўқиш deadline ўтиб кетаётганини мен эслатиб турдим. Улар «хавотир олманг» деб қутилди.

Хуллас, сўралган ҳамма ҳужжатни тайёрладим ва ўқишга жўнатилди. Application period ҳам ёпилди. 1 ҳафта ўтиб консалтинг менга боғланиб, метрика (туғилганлик ҳақида гувоҳнома) қолиб кетганини ва уни ҳам топшириш кераклигини айтди. «Қабул вақти тугади-ку?» – «Хавотир олманг, улгурамиз». Лекин улгурмадик…

Консалтинг натижалар чиққунга қадар ҳам хотиржам. Мен хавотирда. Бу ўринли бўлди ва мени қабул қилишмаган… Ҳаттоки ҳужжатларимни кўриб чиқмаган, камчилик борлиги учун. Жудаям алам қилди. Пулга эмас, йўқотган 6 ой умримга ачиндим.

Иккинчи уриниш

Кейинги семестр яна бошқа консалтинг хизматидан фойдаландим. Лекин бу сафар тажрибам бор, яхшилаб суҳбат қилиб, кейин қабул қилдим. Хизмат ҳақи ҳам анча арзон — 2 млн сўм.

Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди:

  • кўпроқ университетга ҳужжат топширилди
  • ҳужжатлар ҳаммаси идеал тайёрланди
  • хизмат ҳам, муомала ҳам аъло

Натижа ҳам шунга муносиб. Барча ўқишлардан admission олдим ва ниҳоят Корея саргузаштларимни бошладим.

Хулоса

Ўтган ишлар унут бўлди, лекин тажриба бир умрлик. Номи консалтинг бўлган ҳаммага ҳам ишониш керак эмас. Биз улар учун шунчаки мижоз, лекин улар қилган хатолар биз учун энг қимматли вақтимиз эвазига бўлиши мумкин.